Қон босимини тўғри ўлчаймизми?

Келинг, мақоламиз бошида шу саволга жавоб топиш учун кичик тест топшириб кўрамиз:

Қон босимини ўлчашдан олдин камида қанча дам олишингиз керак? (1/3)

Тонометр манжети қандай холатда туриши керак? (2/3)

Қон босимни қандай холатда ўлчаган маъқул? (3/3)

Гипертония касаллиги билан оғриган беморлар қон босимини ўлчашни яхши билишлари лозим.

Уй шароитида қандай тонометр ишлатиш мумкин?
тонометр турлари

Европа кардиологлари уй шароитида яримавтоматик тонометр ишлатишни тавсия қилишаяпди.
Механик тонометр бемор учун бироз ноқулай бўлиб, юрак тонларини эшитиш ва шу вақтда стрелка қайси рақамни кўрсатаётганини билиб олиш каби алоҳида тажриба талаб қилади. Автоматик тонометрлар (шу жумладан билак тонометрлари ҳам) эса бироз "алдаши мумкин" (ўзимнинг тажрибамдан келиб чиқиб Япония фирмаларининг автоматик тонометрлари тўғрироқ ўлчашини айтишим мумкин). Полуавтоматик тонометрларда "груша" орқали манжетага хаво юборасиз ва аппарат қолганини ўзи бажаради, юрак тонларини эшитишга ҳожат бўлмайди. Тонометр сотиб олаётганда қўлингиз ва манжета қалинлиги мос бўлиши керак.

Қон босимини ўлчаш тартиби қандай?
Кўпчилик бемордан қон босими хар хил бўлиши, гоҳ баланд, гоҳ паст, икки қўлда турли босимлар бўлиши хақида саволлар бўлади. Албатта, бундай ҳолатлар маълум касалликлардан ташқари қон босимни нотўғри ўлчаш натижасида ҳам бўлиши мумкин. Мисол учун, инсон бирор юмушни бажариб келиб ёки овқатланиб бўлиб дарҳол босимни ўлчанса, албатта баланд чиқади, лекин бу унинг хақиқий босимини кўрсатмайди. Шунингдек, инсон ётган жойидан бирдан туриб олиб ёки ёнбошлаб ётиб олиб ўлчанганда босим паст чиқди. Иккита қўл ўртасида босимлар фарқи бу нормал ҳолат ҳисобланади,фақат у 10 мм сим уст (қон босими айнан шу ўлчамда ўлчанади)дан юқори бўлмаслиги шарт.
Демак, қон босимини ўлчаш тартиби:
1. Босим ўлчашдан олдин тинч ҳолатда 5 дақиқа ўтиринг. Агар жисмоний ёки руҳий зўриқиш ҳолатлари кузатилган бўлса 15-30 дақиқа дам олинг. Шунингдек, қон босимини ўлчашдан олдинги 1 соат давомида аччиқ чой, кофе ичмаслигингиз, 30 дакиқа давомида сигарет ва носвой чекмаслигингиз, бурун ичига ва кўзга томизиладиган дориларни қабул қилмаслигингиз зарур.

2. Стулга суяниб ўтиринг, бунда орқангиз текис ҳолатда бўлсин. Оёқларни чалиштирманг. Қўлингизни стол устига қўйинг.

3. Манжетни елкага кийгизинг, бунда манжет юрак билан битта чизиқда туриши, елкага текис ўралиши керак (баъзида енг қалинлиги ҳисобига манжет нотўғри ўралади).

4. Манжетнинг қуйи қисми тирсак букиладиган жойдан 2 см юқорида бўлиши керак. Ўралганда орасига 1-2 бармоқ сиғадиган қилиб ўраш керак (маҳкам боғланмайди). Манжетадаги белгини билак букиладиган жойга тўғирланг.
5. 5-пункт тонометр турига қараб хар-хил бўлади:
- Агар автоматик тонометр бўлса, аппаратни ёқинг ва старт тугмасини босинг. Тонометр ўлчаб, аниқ  рақамларни (систолик, диастолик босим ва пульс) кўрсатгунча кутиб туринг;
- Агар полуавтоматик тонометр бўлса, аппаратни ёқинг ва груша билан 160 мм сим. уст.гача хаво хайданг, сўнг кутиб туринг, тонометр аниқ  рақамларни (систолик, диастолик босим ва пульс) кўрсатгач ечиб олсангиз бўлади;
- Агар механик тонометр бўлса, фонендоскопни қулоққа тақинг, мембранасини билак букиладиган жойга қўйинг, "груша клапани"ни ёпинг ва грушани эзиш билан хаво юбориб, манометр стрелкасини 20-30 бирликдан ошириб 160 гача олиб боринг (шунда стрелкани 160 гача олиб бориш учун грушани 6-8 марта сиққан бўласиз) ва секин клапанни очинг. "Груша клапани"ни озроқ очишингиз билан тонометр стрелкаси аста-секин пастлай бошлайди, секундига 2-3 мм симоб устуни тезлигида. Фонендоскопда юрак уриши товушлари яна қачон пайдо бўлишига диққат қилинг. Ўша вақтдаги стрелка кўрсаткичини эслаб қолинг. Бу систолик, яъни устки қон босимидир. Сўнгра, товушлар яна йўқолиб қолади ва ўша вақтдаги стрелка кўрсаткичи диастолик, «пастки» босимини ифодалайди.

Қон босим 1-2 дақиқа интервали билан камида 2 марта ўлчаниши керак. Агар кўрсатгичлар фарқи 10 мм сим устунидан юқори бўлса, учинчи марта яна ўлчанади. Хақиқий артериал қон босим - шу ўлчанган босимларнинг ўртачаси ҳисобланади, албатта юқоридаги қоидаларга амал қилган ҳолатда.
Агар тонометр 120, 80 рақамларини кўрсатса, демак, сизнинг қон босимингиз 120 га 80 мм симоб устунига тенг. Қон босимининг нормалари, ишчи қон босим, ошиш даражалари, даволаш усуллари ва бошқа маълумотлар билан артериал гипертония мактабининг бошқа бўлимларида танишишингиз мумкин.

Мақола муаллифи: кардиолог Жўраев Омонулла
Шу мавзудаги видео ва инфографика


Мавзуга оид мақолалар
ҚОН БОСИМ КАСАЛЛИГИ ХАҚИДА 7 АФСОНА ВА 1 ХАҚИҚАТ
ҚОН БОСИМ КАСАЛЛИГИ ХАҚИДА 7 АФСОНА ВА 1 ХАҚИҚАТ

Афсона ва ҳақиқат тушунчалари бир-бирига тескари бўлсада, доим ёнма-ён юришади. Қон босими ҳақидаги афсоналар ҳам етарлича бўлиб...

Давомини ўқиш